Хабарингиз бор, 5 январь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Соғлиқни сақлаш вазирлигининг янги раҳбарияти, марказлар раҳбарлари ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқарма бошлиқлари ва бошқа бир қатор мутасаддилар билан учрашди. Унда тўлиқ малакали хизмат кўрсатилмагани сабабли 40 мингдан зиёд ўзбекистонлик фуқаролар тиббий ёрдам учун хорижга чиқишга мажбур бўлаётгани таъкидланди.

«Ихтисослашган марказлар аҳолига тўлиқ малакали хизмат кўрсатмагани туфайли йилига 40 мингдан зиёд фуқароларимиз тиббий ёрдам учун чет давлатларга чиқишга мажбур бўлмоқда. Ўзингиз ўйланг — 40 минг одамни қанча пули кетяпти? Нима учун Россиядаги катта клиникалар мутахассислари бу ерга олиб келиниб, операциялар шу ерда бажарилмайди ёки Ҳиндистон билан ҳамкорликда қўшма марказ очилмайди?
Шунинг учун Адҳам Илҳомович (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг янги раҳбари), биринчидан, 3 ой ичида 50 нафар хориждаги Ўзбекистон шифокорларини олиб келасиз ва иккинчидан, ҳар бир давлат — Корея, Ҳиндистон, Россия билан ҳамкорликда Тошкент, Наманган, Фарғона ва Андижонда йўналишлар бўйича қўшма клиникалар очишни ташкиллаштирасиз. Ўзбекистондан ташқаридаги шифокорлар қайтганда керакли ҳамма шароитларни яратиб берамиз. Ҳар бир марказдан 10 киши, борингки 20 кишидан хорижга ўқишга юборасиз, у ердаги йўналишлар билан танишишсин. Биз янги технологияларни олиб келдик, лекин уларда ким ишлайди?», — деди давлатимиз раҳбари.
Бу борада яна бир муҳим масала: охирги 5 йилда юрак-қон томир касалликларига чалиниш — 25 фоизга, асаб касалликлари — 14 фоизга, онкологик касалликлар — 2,5-3 фоизга ошганлиги қайд этилди. Юқори технологик операцияларнинг фақатгина 23 фоизи вилоят миқёсида кўрсатилгани, қолгани эса Республика марказида бажарилаётгани таъкидланди. Бироқ бу соҳадаги муаммоларнинг олдини олиш бўйича деярли ҳеч қандай ишлар амалга оширилмаётгани афсус билан қайд этилди.
«Бунинг учун замонавий талабларга жавоб берадиган онкология, нейрохирургия, травматология ва ортопедия соҳаларида ихтисослашган марказларнинг ҳудудларда босқичма-босқич кардиохирургия хизматини ривожлантириш, туман ва шаҳарларда лор ва офтольмология, кардиология, неврология, эндикринология каби ихтисослашган бўлимларни ташкил этиш масаласини кўриб чиқиш вақти келди», — деди давлатимиз раҳбари.
Манба: kun.uz

Thanks!

Our editors are notified.