Маълумки, биз ижтимоий соҳада аҳоли саломатлиги, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, дори воситалари билан ишончли таъминлаш, жисмоний бақувват ва маънавий жиҳатдан соғлом авлодни камол топтириш масалаларига алоҳида устувор аҳамият бермоқдамиз.
Ана шу муҳим соҳаларда қандай муаммолар бор? Бундан илгари ҳам соғлиқни сақлаш вазири лавозимида ишлаган Бош вазир ўринбосари А.Икромовга мурожаат қилиб сўрамоқчиман:
биринчидан, нима сабабдан ўтган шунча йил мобайнида соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғини, энг аввало, қишлоқ врачлик пунктларини ислоҳ қилиш самарадорлиги таъминланмади?
Бугунги кунда уларда 2 минг 500 нафар врач етишмайди, бу масканларни замонавий ускуналар билан жиҳозлаш ва дори воситалари билан таъминлаш даражаси жуда паст;
иккинчидан, диагностика даражаси пастлиги ва врачларнинг малакаси етарли эмаслиги натижасида йилига 30 мингдан зиёд юртдошимиз даволаниш учун хорижий мамлакатларга боришга ва оила бюджетидан катта маблағ сарфлашга мажбур бўлаётганидан сизнинг хабарингиз йўқми?
учинчидан, сиз қачон тез тиббий ёрдамнинг барча тузилмаларида тартиб ўрнатиб, уларнинг барқарор ишлашини таъминлайсиз? Нима сабабдан улар аксарият ҳолатларда беморларга ҳақиқий тез ёрдам кўрсата олмайди?
тўртинчидан, тиббиёт ходимлари ўртасидаги салбий ҳолатларга қачон барҳам берилади? Бу борада фақатгина ўтган йилнинг ўзида 174 та жиноят иши қўзғатилган. Соғлиқни сақлаш ходимлари билан яқинда бўлиб ўтган учрашувда туғруқхоналардаги таъмагирлик билан боғлиқ салбий ҳолатлар тўғрисида сизга ва тизим раҳбарларига алоҳида айтган эдим;
бешинчидан, сиз нима сабабдан экологиянинг жиддий муаммолари билан етарлича шуғулланмаяпсиз? Ахир, бу соҳа одамларнинг соғлигига ва мамлакатимиздаги эпидемиологик ҳолатга таъсир қилмайдими?
олтинчидан, шахсан сиз ва «Дори-дармон» компанияси раҳбари А.Комилов нима сабабдан дорихоналар тармоғидаги жиддий камчиликларга панжа орасидан қараб, уларни бартараф этиш учун таъсирчан чораларни кўрмаяпсиз? Ахир, бусоҳада қиммат дориларнинг 45 фоизини импорт дорилар, бунинг устига, нархи ҳаддан ташқари ошириб юборилган дорилар ташкил этади.
Адҳам Илҳомович, сиз раҳбарлик қилаётган комплекснинг яна бир муҳим тармоғи — жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш билан боғлиқ. Албатта, бу соҳада, айниқса, олий маҳора спорти борасида кейинги йилларда муайян ютуқларимиз бор. Биз улар билан ҳақли равишда фахрланамиз. Лекин охирги Олимпиадада фақатгина оғир атлетика, бокс, кураш ва дзюдо бўйича совринли ўринлар эгалланди. Бунинг сабаби нимада?
Сўнгги беш йилда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, шунингдек, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун бюджетдан 1 триллион 230 миллиард сўм ажратилган. Бу — Миллий олимпия қўмитаси маблағларидан ташқари.
Бизда болалар спорти, олий спорт маҳорати ва олимпия резервларини ривожлантириш бўйича қудратли база яратилган. Яна қандай база, қўшимча шарт-шароит ва воситалар керак?
Ана шу муаммолар ичига чуқур кириб бориш зарур. Шу муносабат билан қуйидаги вазифаларни амалга ошириш талаб этилади:
биринчи — қишлоқ врачлик пунктлари, юқори технологиялар асосидаги ихтисослашган марказлар ва тез тиббий ёрдам станциялари бўйича мавжуд камчиликларни бартараф этиш ва уларга доир топшириқларни амалга ошириш юзасидан таклифларни ва тегишли ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашни тезлаштириш зарур;
иккинчи — врачлар ва тиббиёт ходимлари малакасини ҳам мамлакатимизда, ҳам етакчи хорижий клиникаларда ошириш бўйича таъсирчан тизим яратишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш даркор. Зарур бўлса, уларни моддий рағбатлантириш бўйича таклифлар киритиш керак;
учинчи — 340 номдаги дори воситалари ва тиббиёт буюмлари чегараланган нарх бўйича сотилишини назорат қилувчи органлар билан бирга қатъий тартибга солиш зарур. Ҳар бир фуқаро қабул қилаётган қарорларимиз реал фойда бераётганини сезиши керак.
Шу билан бирга, ўтган йили сентябрp ойида тасдиқланган 2016-2020 йилларда фармацевтика саноатини янада ривожлантириш бўйича дастур самарали бажарилишини таъминлаш даркор; тўртинчи — қариялар ва ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича тасдиқланган дастурни амалга ошириш алоҳида назоратга олиниши керак. Ҳар бир имтиёз ва ижтимоий ҳимоя чораси ўз эгасига етиб бориши даркор;
бешинчи — Бош вазирнинг биринчи ўринбосари О.Раматов билан биргаликда экология соҳасидаги ишлар аҳволини яхшилаш, энг аввало, жойларда чиқиндилар билан ишлаш соҳасида давлат назоратини кучайтириш бўйича таклифларни яқин вақт ичида тақдим этиш зарур;
олтинчи-сиз ва шахсан маданият ва спорт ишлари вазири Б.Аҳмедовнинг эътиборини жисмоний тарбия ва спорт соҳасида яратилган қудратли базадан самарали фойдаланиш зарурлигига қаратаман.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасидан соғлиқни сақлашга доир қисми олинди.

Манба fsh.uz

Thanks!

Our editors are notified.